АГРОКЛАСТЕРЛАР ФАОЛИЯТИНИ СУҒУРТАЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ МОЛИЯВИЙ ҲОЛАТИНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ ВА БАҲОЛАШ
Annotatsiya
Жаҳон ва миллий иқтисодиётда аграр тармоқни модернизация қилиш ва замонавий бозор механизмларини жорий этиш жараёнида агрокластерлар муҳим ўрин эгалламоқда. Табиий-иқлим шароитларига бевосита боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш жараёнлари юқори даражадаги хавф-хатарлар (катаклизмлар, хусусан, қурғоқчилик, совуқ уриши, зараркунандалар тарқалиши ва бозор нархларининг тебраниши) билан тавсифланади. Шу сабабли, агрокластерлар фаолиятида молиявий барқарорликни таъминлаш ва аграр хавф-хатарларни минималлаштиришда суғурта тизимининг роли беқиёсдир. Бироқ, агрокластерларни суғурталовчи ташкилотларнинг ўзи ҳам юқори молиявий мажбуриятлар ва таваккалчиликлар остида фаолият юритади. Бу эса ушбу суғурта ташкилотларининг молиявий ҳолатини мунтазам равишда чуқур таҳлил қилиш, уларнинг тўловга қобилияти, ликвидлилиги ва капитал даражасини тўғри баҳолаш вазифасини долзарб илмий-амалий муаммо сифатида кун тартибига қўяди.